Tanlovlar

Ғолиблар гувоҳнома олди

16 август куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Анжуманлар залида Камолиддин Беҳзод  номидаги давлат стипендияси ғолибларига гувоҳнома топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда истеъдодли ёшлар, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, улар эришаётган ютуқларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун алоҳида давлат стипендиялари тайинланаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелда қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган иқтидорли ва ижодкор талабаларни моддий ва маънавий муносиб қўллаб-қувватлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш вазифаси белгиланди.

Мазкур қарор ижроси доирасида Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Камолиддин Беҳзод номидаги Давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида” 691-сон қарори билан “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси – республика давлат олий таълим муассасаларининг дастгоҳли рангтасвир, рангтасвир (турлари бўйича), графика ва миниатюра, ҳайкалтарошлик (турлари бўйича), амалий санъат (турлари бўйича), дизайн (турлари бўйича), санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича) йўналишларининг охирги икки курсида таълим олаётган бакалавриат босқичи талабаларига тайинланади.

Стипендия тайинлашда талабгорнинг олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги шахсий кўргазмасини ташкил этганлиги, соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришганлиги, ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштирганлиги, ўзбек миллий санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси инобатга олинади.

Жорий 2021 йилда илк бор Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан олий таълим муассасаларининг иқтидорли ва ижодкор талабалари учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси танлови ўтказилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан тузилган Эксперт гуруҳининг қарорига асосан 7 нафар иқтидорли ижодкор талаба тегишли таълим йўналишлари бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми А.Нуридинов иштирок этди ва талабаларга ушбу давлат стипендияси гувоҳномасини топширди.

Тадбирда таъкидланганидек, ўзбек тасвирий ва амалий санъати, дизайн йўналишида кўплаб ёш истеъдод эгалари ном чиқариб, санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга, кўргазмалар билан  миллий санъатимиз ютуқларини танитишга интилаётгани қувончли ҳолдир. Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси истеъдодли ёшларнинг миллий ва умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи ёрқин асарлар яратиш, ўзбек тасвирий санъатини изчил ривожлантириш фаолиятига яна бир катта рағбат бўлади.