Yangiliklar

Стипендия эксперт гуруҳи иш бошлади

Аввал хабар қилинганидек, бу йил илк бор Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан олий таълим муассасаларининг иқтидорли ва ижодкор талабалари учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси танлови ўтказилади.
28 июль куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида стпиендияга номзодларнинг ҳужжатларини Низом талаблари ҳамда баҳолаш мезонларига мувофиқ ўрганиб чиқиш бўйича Эксперт гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Бадиий академия мутасаддилари ҳамда Эксперт гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш тўғрисида” 2020 йил 6 ноябрдаги 691-сон қарори ижросини таъминлаш, номзодларнинг ҳужжатларини ҳар томонлама адолатли, шаффоф ва холисона кўриб чиқиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, фикр алмашинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Бадиий академиянинг Таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов сўзга чиқиб, мазкур стипендия давлат олий таълим муассасаларининг дастгоҳли рангтасвир, рангтасвир (турлари бўйича), графика ва миниатюра, ҳайкалтарошлик (турлари бўйича), амалий санъат (турлари бўйича), дизайн (турлари бўйича), санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича) йўналишлари таълим олаётган бакалавриат босқичи талабаларига жами 7 нафарига тайинланишини ҳамда танловнинг барча босқичларидан ўтган 39 нафар талабгор ҳужжати келиб тушганлигини айтиб ўтди.

Ҳозирда талабгорлар ҳужжатини кўриш жараёни давом этмоқда.