Yangiliklar

Тошкентда анъанавий фестиваль бошланди

19 апрель куни пойтахтимиз Тошкент шаҳрида халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали  старт олди. Санъат ҳафталигиниг  биринчи куни тадбирларга бой бўлди.Дастлаб анъанага кўра,  Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи боғида буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.  Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги ташкилот ҳамда таълим муассасалари  намояндалари, ўқитувчи-талаба ёшлар иштирок этди ҳамда улар  томонидан  ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида  буюк мусаввир  ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий кўргазмалар дирекцияси Марказий кўргазмалар залида халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ушбу санъат ҳафталиги янги истеъдодларни юзага чиқариш, ижодий алмашинув, устоз-шогирд анъаналари бардавомлигини таъминлаш, жаҳонга ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди, нафосат байрамини ташкил этиш ва ўтказишда амалий ёрдам берган ҳамкор ташкилот, муассасаларга миннатдорлик билдирди, фестиваль ишига муваффақият тилади.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи тадбирлари фестиваль дастурининг иккинчи куни, 20 апрель куни бўлиб ўтади.